ҚИЛМИШ — ҚИДИРМИШ…

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни, хусусан ҳали ҳам эски одат ва қарашларидан қутила олмаётган айрим товламачи ва таъмагир мансабдор шахсларнинг қинғир ишларини фош этиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирларда ҳудудларда ер майдони ва биноларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга чек қўйилмоқда. Куни кеча Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан,  прокуратура ва мажбурий ижро бюроси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ана шундай жиноий иш фош этилди.

Урганчлик фуқаро Отажон Собировга (исм, фамилиялар ўзгартирилган) уй-жойга муҳтож оилалар қаторидан 1 хонали квартира ажратилади. Отажон Собиров унга ажратилган 1 хонали уйни 3 хоналига алаштириш учун кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзоси  Ботир Жуманазаровга мурожаат қилади.

АТ “Асакабанк” Хоразм филиали кредит бўлими мутахассиси, бевосита кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзоси бўлган  Ботир Жуманазаров комиссия аъзолари —  шаҳар ҳокимлиги Умумий бўлим мудири Ўлмас Очилов ҳамда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси шаҳар филиали мутахассиси Озод Валиевлар билан олдиндан тил бириктириб фуқаро Отажон Собировга 3 миллион сўм эвазига иш битишини билдиради.

Мазкур масала юзасидан Отажон Собиров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Унга асосан ўтказилган тезкор тадбирда кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзолари Ўлмас Очилов, Озод Валиевлар фирибгарлик йўли билан фуқаро Отажон Собировдан 3 миллион сўм пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Одамзод баъзан ўйламай қўйган бир қадами туфайли йиллар давомида орттирган обрўсидан айрилиши ҳеч гап эмас. Юқорида номлари тилга олинган фуқаролар ҳам йиллар давомида нуфузли ташкилотларда ишлаб келишган. Улар таниш-билишлари, жамоаси орасида ўз ўрнига, ҳурматига эга мутахассислар бўлишган. Бироқ, уларнинг охирини ўйламай қилган хатолари жиноятга етаклади.

Қилмиш қидирмиш деганларидек, ушбу фуқароларга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

 

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори