УМУМБЕЛГИЛАНГАН СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШГА ЎТАЁТГАНЛАР ТАШВИШЛАНИШГА ҲОЖАТ ЙЎҚ

Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекцияларида хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз вақтида умумбелгиланган солиқ тизимига ўтказиш, солиқ мажбуриятларини бажариш учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш мақсадида «Маслаҳат хизматларини кўрсатиш» дарчаси ташкил қилинди.

Мазкур Дарчага Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази ўқув курсларини тамомлаган тажрибали мутахассислар жалб қилинди. Тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтаётган солиқ тўловчиларни давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишларида малакали мутахассислар томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бўйича ишлаб чиқилган услубий тавсиялар бўйича ташриф буюрган солиқ тўловчиларга тушунтиришлар берилмоқда.

Ҳозирда соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаб келаётган 1 миллиарддан ортиқ айланмага эга бўлган корхоналарнинг 2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилиши уларни ташвишлантираётганини онда-сонда эшитиб қоламиз. Бироқ, бу хавфсираш мутлақо ўринсиз.

Тўғри, 2019 йилдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан айланмаси 1 миллиардгача бўлган тадбиркорлик субъектларига ресурс (ер, мол-мулк ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар) солиқларини тўлаш мажбурияти юклатилмоқда. Лекин, мулк солиғи ставкаси амалдаги 5 фоизли ставкадан 2 фоизли ставкага тушурилиши назарда тутилган.

Ҳозирда соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаётган корхоналарнинг айланмасидан 2-5 фоизлик ставкада ягона солиқ тўлови ҳисобланаётган бўлса, 2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилиши натижасида ушбу солиқнинг ўрнига фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғини тўлаш лозим бўлади. Бироқ, фойда солиғи корхона фойда билан чиққан ҳолатдагина тўланади. Фойда солиғининг базасини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

СБ = ЖД — Х + ЧХ — И

СБ — Солиқ базаси

ЖД — жами даромад

Х — харажатлар

ЧХ — чегирилмайдиган харажатлар

И — имтиёзлар.

Шу билан бирга ҚҚСни ҳисоблаганда олинган товар (иш, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларда ёзиб берилган, яъни товар (иш, хизматлар) харид қилинаётганда тўлаб берилган ҚҚС суммасини ҚҚС тўловчи бўлган корхоналар ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Агар мазкур харид қилинган товарнинг (иш, хизматлар) устига қиймат қўшилиб (товарга ишлов бериш, устама қўйиш натижасида) реализация қилинадиган бўлса, ҚҚС фақат қўшилган қийматнинг миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Яъни бюджетга тўланаётган ҚҚС суммасини аниқлашда ҳисобланган ҚҚС суммасида ҳисобга олинган ҚҚС суммаси чегириб ташланади.

БИ (ҚҚС) = ҲЧ (ҚҚС) — ҲО (ҚҚС)

Буни қуйидаги мисол орқали тушунтириб ўтамиз:

Корхонамиз ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Ушбу корхона 100 сўмлик товар харид қилди, ҚҚС суммаси 20 сўм, жами тўланадиган сумма ҚҚС билан 120 сўмни ташкил қилади. Корхона ушбу товарга 10 фоиз устама қўйиб сотса, бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини аниқлаймиз.

Товар сотилгандаги ҳисобварақ-фактурани ёзилиши: товар нархи — 110 сўм, ҚҚС суммаси — 22 сўм, жами — 122 сўм.

Энди бюджетга тўланадиган солиқ суммасини аниқлашда товарлар харид қилинаётганда ҳисобварақ-фактурада ёзилган ҚҚС суммасини (22 сўм), яъни ҳисобга олинадиган солиқ суммасини (20 сўм) ҳисобланган ҚҚС суммасидан чегириб ташлаймиз. Яъни 22-20=2 cўм ҳосил бўлади. Ушбу 2 сўм бюджетга тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисобланади.

Эътиборли томони шундаки, 100 сўмга олинган товар 10 фоизли устама билан 110 сўмга сотилганда бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси 2 сўмни ташкил қилди. Энди ҚҚС тўламайдиган ягона солиқ тўловчиси томонидан ушбу оборотга нисбатан 4 фоизлик ставкада ЯСТни ҳисоблайдиган бўлсак, ушбу солиқ 4,4 сўмни ташкил қилган бўларди. Яъни бюджетга тўланадиган қўшилган қиймат солиғи тўланадиган ягона солиқ тўловидан 2,2 сўмга камроқ (4,4-2=2,2 сўмга) бўлади.

Бундан ташқари, ҳозирда умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлаётган корхоналар томонидан уларнинг айланмасидан 3,2 фоизлик ставкада давлат мақсадли жамғармаларига тўланаётган ажратма 2019 йилдан бекор қилиниши назарда тутилган. Демак, умумбелгиланган тартибдаги солиқ тўловчилар ҳудди соддалаштирилган тартибдаги каби ушбу ажратмаларни тўламайдиган бўлади.

Юқорида келтирилган мисоллар шуни тасдиқлайдики, солиқ тўловчилар соддалаштирилган тартибда солиқ тўлашдан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиб фаолият юритсалар уларга нисбатан солиқ юки камаяди.

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига асосан киритилаётган ўзгаришлар эндиликда корхоналарни янада ривожлантиришга, уларнинг микрофирма ва кичик корхоналар қаторидан чиқиб янада каттароқ корхоналар, корпорациялар бўлишига шароит яратади.

Санжар ҲУДОЙБЕРГАНОВ,

Хоразм вилояти ДСБ шўъба бошлиғи.