Профилактика инспекторлари қасамёд қилди

Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ёнида Хоразм вилояти ички ишлар бош бошқармаси тизимдаги таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилди. Тадбирда профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашина калитлари тантанали равишда топширилди.

Ички ишлар органлари ходимлари аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни кунда вилоятда ички ишлар органлари ходимлари томонидан турли профилактик тадбирлар, аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва омилларини аниқлаш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича изчил ишлар олиб бормоқда. Профилактика инспектори билан ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик ҳамкорлиги мустаҳкамланаётир.

Мазкур ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш, профилактика инспекторларининг аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш мақсадида вилоятда биринчи маротаба 120 нафар профилактика инспекторлари хизмат уйлари ҳамда имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналарига эга бўлишди.

Бизнинг давримизда бундай шароит ҳам, машаққатли хизматимизга эътибор ҳам бўлмаган, — дейди истеъфодаги полковник Қосим Олламов. — Қирқ йилдан зиёд ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилдим. Ўша даврда бепул хизмат уйида яшаш ёки енгил машина сотиб олиш тасаввуримизга ҳам сиғмаган. Қаранг, бугун профилактика инспекторига ўз ҳудудидан оила аъзолари билан яшаш учун хизмат уйи, тижорат банкининг узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағи асосида янги автомашина берилмоқда. Бунга ҳавас қилмай, осо­йишта, фаровон турмушимиз посбонларига яратилаётган шарт-шароитлар билан фахрланмай бўладими?! Бу фуқаролар мурожаатига эътиборни кучайтиради. Маҳалла аҳли билан янада яқин бўлишга қулайлик яратади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйлари топширилаётгани ҳудуд осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Вилоятда 350 нафардан ортиқ профилактика инспекторлари фаолият юритмоқда.

– Неварамнинг Ж.Мангуберди ҳайкали ёнида тантанали қасамёд қабул қилиши қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирди, – дейди ички ишлар бўлинмаси таянч пунктларидан бирининг профилактика инспектори Умидбек Отабоевнинг отаси О.Қурбонбоев. – Биз Қўшкўпир туманида яшаймиз, неварам Гурлан тумани «Олға» қишлоғида ишлайди.  Бугун фарзандимизнинг ўзи ишлайдиган ҳудудда хизмат уйи ва шахсий автомашина билан таъминланиши оиламиз учун катта совға бўлди. Ишонаманки, неварам она Ватани, Президенти, халқи олдида қилган қасамёдига содиқ қолади, у ўз ҳамкасблари қаторида мамлакатмизда яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, юртимиз ососйишталини сайлаш йўлида бор куч-ғайратини аямайди.

Мазкур тадбирнинг яна бир қисми Урганч шаҳридаги «Тозабоғ» маҳалласида ташкил этилди. Тадбирда иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кекса авлод вакиллари Урганч шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бораётган 7 нафар профилактика инспекторларининг оилаларига янги уйларнинг ва автомашина калитларини топширдилар.

Етти йилдан буён тумандан шаҳарга қатнаб ишлар эдик. Бугун Урганч шаҳрининг Гурлан кўчасида профилактика инспекторлари учун барпо этилган янги уйлардан бири бизга ҳам насиб этди. Эндиликда узоғимиз яқин, оғиримиз енгил. Шундай имконият ва ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мустақил юртимизнинг келажак истиқболини мустаҳкамлашга оиламиз билан ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз, — дейди профилактика инспектори, капитан С.Қурбонбоевнинг турмуш ўртоғи Замира Қутлимуратова.

Юртимизда ички ишлар идоралари тизимини ислоҳ қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар айнан профилактика инспекторларидан бошланганида чуқур рамзий маъно бор. Ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат туйғусини юксалтириш, қонунбузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кўникмасини шакллантириш орқали ҳуқуқбузарликлар олди олинишини таъминлаш профилактика инспекторининг бош вазифасидир, — дейди Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Сардорбек Раҳимов.

Бугун профилактика инспекторлари аждодлар руҳи олдида Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, туну-кун эл-юрт осойишталиги ва тинчлигини таъминлаш, Ватанимизнинг келажаги ва истиқболи, унинг хавфсизлиги учун дахлдорлик ҳисси билан яшаш, муқаддас юрт учун жонини фидо қиладиган, ҳалқимизга содиқ хизмат қилиб, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлайдиган ҳақиқий эл-юрт ҳимоячи сифатида шарафли хизматга бел боғлашган.