“Тўйлар муборак!” дея қутлашмоқда юртдошларимиз ёшларни

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бутун мамлакатимизда бўлгани сингари вилоятимизда ҳам “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида никоҳ тўйлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган никоҳ тўйлари азалий қадриятларимизга хос ташаббуслар кўламини кенгайтириш,  эзгулик ришталарини мустаҳкамлаш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан барчага манзур бўлаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра, ушбу тўйларни ҳар жиҳатдан намунали ўтказиш учун ташкилий қўмита фаолияти шакллантирилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож эҳтиёжманд оилалар ўрганилиб, келин-куёвларнинг жойлардаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларидан имтиёзли равишда рўйхатдан ўтказиш, тиббий кўрикни ташкиллаш ва зарурият бўлганда бандлигини таъминлаш борасида керакли барча ишлар амалга оширилди. Тўйларни ўтказишда миллий анъана ва қадриятларни намойиш этувчи саҳна кўринишлари, лапар ва ўланлар, мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар, миллий спорт ўйинлари мусобақалари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Урганч шаҳридаги «Танҳо» тўйхонасида Ҳонқа, Хива ва Урганч туманларидан 16 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказилди. Мазкур тантанада келин-куёвларнинг ота-оналари, яқинлари, дўстлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Нигоҳланаётган ёшлар карнай-сурнайлар садоси остида мухташам тўйхонага кириб келишди. Элдошларимиз уларни гуллар, куй-қўшиқлар билан кутиб олишди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизоар қўмитаси раиси С.Абдикаримова, Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмалари Республика Кенгаши раиси Ш.Мингалиев ва бошқалар сўзга чиқиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталдилар.

— Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган бундай тўйлар халқимизга хос бағрикенглик ва саховатпешаликнинг ёрқин ифодасидир, — дейди вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Равшан Жабборов. – Ёшлар чеҳрасидаги шодлик бизни ҳам беҳад қувонтиради.

Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган ушбу лойиҳа доирасида вилоятимизда 50 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказилиши ҳар бир фуқаро давлат эътиборида эканлигининг ёрқин намунасидир.

Тўйга тайёргарлик доирасида оила қураётган ёшларнинг уй-жойлари таъмирланди, хонадонларида анъаналаримизга кўра миллий урф-одатлар амалга оширилди, ош дамланди. Уларга Президент совғаси – замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди. Шунингдек, келин-куёвларнинг иш билан таъминлангани ўрганилиб, туманларнинг бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ёшларга тегишли тартибда кўмак берилиб, меҳнат дафтарчалари топширилди.

– Тумандаги “Шохруҳ тадбиркор” хусусий корхонаси ишчиси сифатида меҳнат дафтарчасига эга бўлганим тўйимизга ўзига хос совға бўлди, – дейди хонқалик Умид Мейлиев. – Бу эса янги оиламизнинг моддий фаровонлигини таъминлаш, орзуларимизни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Тўй тантанасида келин-куёвларга фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимлари томонидан никоҳ гувоҳномалари ҳам топширилди.

– Тўйимиз вилоятимиз марказида ўтгани, Урганчдек гўзал ва кўркам шаҳарнинг диққатга сазовор ва тарихий жойларини зиёрат қилганимиз бир умр ёдимиздан чиқмайди, – дейди хивалик куёв Бахтиёр Худойберганов. – Бизга ташкилотчилар ёш оила учун нимаики зарур бўлса, барини совға қилишди.Барчаси учун Президентимиздан миннатдормиз. Бундай юксак ғамхўрликни оқлаш учун сидқидилдан меҳнат қиламиз.

Байрамона безатилган тўйхонадамеҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилоти ходимлари, келин-куёвларнинг ота-оналари ва дўстлари самимий тилаклар билдиришди, шўх-шодон куй-қўшиқлар янгради, қадрдон оҳанглар барчани шодон даврага чорлади.

– Фарзандим Элёрнинг никоҳ тўйини ўтказяпмиз, –дейди Хива тумани Лолазор маҳалласида яшовчи Зиёда Абдуллаева кўзида севинч ёши билан. –Ўғлим келиним билан даврага кириб келаётганида барчамиз янада севиндик. БундайэзгуишларбошидатурганПрезидентимизга, ҳукуматимизга, барчасаховатлиинсонларга чин дилданминнатдорликбилдираман. Камтаъминланганоилаларвауларнингфарзандларигакўрсатилаётганалоҳидағамхўрликданбошимизкўккаетмоқда.

Тўй тантаналари давомида келин-куёвлар ва уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, нуроний отахон ва онахонлар ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши, ҳаётда муносиб ўрин топиши, Президентимиз ва меҳр-мурувватли ҳамюртларимиз соғ-саломат бўлишлари, жондан азиз Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнаши, буюк келажак йўлида дадил одимлаши учун дуога қўл очишди. Эзгу ниятлар, яхши тилаклар изҳор этилди.

Санъаткорларнинг наволари даврага ўзгача файз, олам-олам завқ бағишлади.