Одам савдоси – жамият муаммоси

Ҳозирги глоболлашув даврда одам савдоси жамиятнинг энг жиддий муаммосига айланиб бормоқда. Мазкур салбий иллатга қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор ҳалқаро ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу  хавфга дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги конвенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш   институтлар ва  одатларни бекор қилиш  тўғрисидаги”  қўшимча конвенция (1956), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш хақида”ги конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш  ва унинг учун  жазо тўғрисида”ги баённома  (2000) дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, юртимизда бошқа соҳалар каби одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратила бошлади. Биринчи навбатда, одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг ҳуқуқий норматив базаси шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикасининг  “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг амалиётга татби эитилиши бу йўлдаги ишларнинг янада самарали бўлишида муҳим омил бўлмоқда.Унда идоралараро ҳамкорликнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, шунингдек, одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларга тиббий, психологик, социал, ҳуқуқий каби кўринишдаги ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш мақсадида Республика идоралараро комиссиясини тузиш белгилаб қўйилди.

Айни пайтда Идоралараро комиссия давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирмоқда, одам савдосига олиб келаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга доир ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган чораларни кўрмоқда. Одам савдоси билан боғлиқ ахборотлар тўпланиб, атрофлича таҳлил қилинаётир. Бундан ташқари, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда, одам савдосига қарши курашиш юзасидан аҳолини хабардор қилиш тадбирлари ўтказилаяпти, ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти устидан назорат олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний, балки ақлий салоҳияти, тана аъзолари ва маънавий қадриятларинида бозорга солишга мажбур этади. Бу жиноятни содир этувчиларнинг бирдан бир муддаоси – енгил йўл билан даромад орттириш бўлиб, улар шу мақсад йўлида, ўз қавми, маҳалладошлари, ҳатто қариндош-уруғларини сотиб юборишдан ҳам қайтмайдилар. Аммо бу қилмиши бора-бора ўзларини ҳам ҳалокат домига тортиб кетишини, афсуски, кеч англаб етадилар. Хорижда меҳнат қилиб, оила бюджетига қўшимча даромад орттириш истагида юрган содда ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган одамлар эса уларнинг “турли хорижий давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўяман”, деган ёлғон ваъдадан иборат алдовларининг қурбонига айланмоқда. Одамларнинг соддалиги, ишонувчанлиги, қисқа вақт ичида моддий муаммоларини ҳал этиш илинжи айрим инсонларнинг нопок мақсадларини рўёбга чиқармоқда. Айниқса, бундай ишларга аёлларнинг аралашгани кечириб бўлмайдиган ҳолдир. Бу балою нафснинг дастидан бир қанча ватандошларимиз оиласидан узоқда, мусофирлик мусибатидан жафо чекмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўриниши инсон маънавиятига мутлақо тўғри келмайди. Унинг жабри фаровонлигимиз, хотиржамлигимиз ва саломатлигимизга катта зарар етказади. Шу боис, унга қарши курашиш бизлардан ўз ҳуқуқларимизни англаш, қадр-қимматимизни асраш, шунингдек, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга янада эътиборли бўлишни талаб этади. Зeро, одам савдоси – бир инсоннинг ўзга инсон томонидан камситилиши кeчириб бўлмас жиноят, ундан огоҳлик эса бугуннинг олдимизга қўйган долзарб талабидир.

Саломат Бобожонова,

Янгиариқ туман Давлат нотариал идораси нотариуси