200 МИНГ СЎМЛИК ҚАРОР

Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик йўли билан бировни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиш ҳаракатини содир этган шахсга нисбатан тегишли ҳуқуқий чора қайд этилган. 211-моддада пора бериш яъни қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишга қаратилган жиноий ҳаракатларга нисбатан жазо турлари аниқ белгилаб берилган.

Биз ушбу ҳуқуқий жазо турларини бежизга келтирмадик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда ана шундай жиноий ҳаракат аниқланди.

Урганч шаҳар, 4-даҳада яшовчи 29 ёшли фуқаро Анвар Салимов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) яқин қариндоши Мансур Рўзметовнинг Урганч шаҳар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиясида ишлашидан фойдаланиб, 200 минг сўм эвазига Урганч туманида яшовчи фуқаро Озода Эшчанованинг вояга етмаган синглисини Россия Федерациясига юборишда тегишли комиссия қарорини чиқартириш учун амалий ёрдам беришини ваъда қилади.

Ушбу ноқонуний ҳаракат юзасидан фуқаро Озода Эшчанованинг Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармасига берилган ариза асосида ўтказилган тезкор тадбирда Урганчлик фуқаро Анвар Салимов вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга иши тушган Озодадан унинг ишончига кириб, шу ерда ишловчи қариндоши орқали ишини тез битириб бериш эвазига 200 минг сўм пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Мақолани ўқиб, 200 минг сўм ҳам порага арзигулик пулми деган фикр ҳамманинг ҳаёлидан ўтиши табиий. Лекин давлат идоралари халқ учун хизмат қилаётган бир вақтда кимнингдир давлат ташкилотида муаммосиз битадиган юмуши учун фирибгарлик, пора беришга ундаш орқали ўзганинг пулини олиш ҳам жиноят аслида.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Албатта, фирибгарлик, порахўрлик, коррупция каби жиноятларнинг олдини олиш, ушбу иллатларни таг томири билан йўқотиш барчамиздан сергакликни, хушёрликни, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ходисаларга бефарқ қарамасликни талаб этади. Шундай экан, азиз юртдошлар, ҳар қандай иқтисодий жиноятларнинг олдини олишда ҳуқуқий фаоллигимиз орқали халқимизнинг фаровон ҳаётига, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Умид САЙИЛОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Урганч туман бўлим бошлиғи