Лимфа тугунлари сили қандай касаллик?

Айни кунларда сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  USAIDнинг силга қарши кураш дастури асосида мазкур касалликни олдини олиш ва аҳолининг тиббий тушунчасини ошириш борасида тарғибот ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш кўп ҳолларда ўзимизга боғлиқ бўлади. Бунинг учун касаллик тўғрисида маълумотга эга бўлиш соғлигимизга бўлган эътиборни янада кучайтиради. Бугунги мавзумиз ҳам аҳоли кенг қатламига мўлжалланган бўлиб, юртдошларимизнинг қизиқишлари аосида лимфа тугунлари сили тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтишни лозим топдик.

Мазкур мавзуни атрофлича ёритиш ҳамда лимфа тугунлари сили касаллиги ҳақида кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Хоразм вилояти силга қарши кураш диспансери фтизиатор-шифокори Зеваржон Жумановага мурожаат қилдик.

 Лимфа тугунлари сили қандай касаллик?

Лимфа тугунлар одатда юмалоқ, нўхатсимон ва чўзинчоқ шаклларда бўлиб, якка ёки тўда ҳолида жойлашади. Лимфанинг вазифаси организмдан ёт моддалар ва микробларни чиқаришдан иборатдир. Лимфа суюқлиги лимфа тугундан фильтрланиб ўтиб, заҳарли моддалар ва микробларни жигарда зарарсизлантириб, буйрак орқали чиқишида иштирок этади. Cил касаллигини чақирувчи микроб бу сил таёқчаси (Коха бацилласи) бўлиб, аэроген, лимфаген ва гематоген тарқалиб, ўпкада, бошқа аъзоларга, шу жумладан, лимфа тугунларга ҳам силга характерли ўзгаришларни чақиради.

Касаллик қандай ривожланади?

Лимфа тугунларда сил касаллиги ривожланишида сил ўчоғи жойлашган жойга “туберкулёз” – “бугорок”, яъни дўмбоқчалар ҳосил бўлади, вақт ўтиши билан дўмбоқчалар бир-бирига қўшилиб «казеоз» қуюқ қотишган йирингли ажралмалар ҳосил бўлиб, кейинги босқичида тешиклар пайдо бўлиб, тери устидан тешиб чиқиши ва ниҳоят оқма яралар пайдо бўлиш ҳоллари кузатилади. Сил таёқчасидан аксарият 80 фоизгача ҳолларда бўйин ва қўлтиқ ости лимфа безлари зарарланиши кузатилади.

Касалликнинг юқиш йўллари турли-туман кўринишларда бўлади. Улар асосан бацилла тарқатувчи беморлар йўталганда, аксирганда, ярадан ажраладиган ажралмалар, пешобдан, генитал ажралмалардан ўтишида  кузатилади.

Касаллик қандай аниқланади?

Сил микробининг организмга кириш усулларига қараб касаллик жойлашувини аниқлаш мумкин. Яъни нафас йўлларидан – бронхлар олди, кўкрак қафаси ички лимфа тугунлари, овқат ҳазм қилиш аъзолари йўлидан, қорин парда олд ва орқа лимфа безлари (мезаденити) оғиз ва бурун орқали ўтишида эса кўпчилик ҳолатларда бўйин лимфа тугунлари сили учраши мумкин. Инсон организмида лимфа тугунлар 700 дан ортиқ бўлиб, ташқи юзаки ва ички чуқур жойлашган лимфа тугунлар фарқ қилинади. Касалликнинг лимфа тугунларда ривожланиши бир нечта босқичларда кузатилиб, агар лимфа тугунлари силини ўз вақтида олди олинмаса у 2-3 ойдан бир неча йиллар давом этиши мумкин.

Ушбу касаллик ташҳиси ҳақида маълумот берсангиз?

Лимфа безларининг сил билан шикастланиши танада жойлашган лимфа безларининг катталашуви, касаллик тарихидан лимфа безларининг катталашуви сурункали кечиши, бошқа аъзоларда сил касаллиги аломатлари борлиги, сил синамаларининг мусбат бўлиши, ўпканинг рентген суратида сил касаллиги аломатлари қолдиқлари борлиги, лимфа тугунлари бир текис катталашуви, оғриқсиз, ҳаракатчан бўлиши, УЗИ текширувларида лимфа безларининг ички тузилиши (гомоген) бир хиллиги, баъзида (гетроген) ҳар хил бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, лаборатор текширувларда ажралмалардан сил таёқчаси аниқланиши ва провакацион синамалар натижалари мусбатлиги ва гистологик текширувлар асосида лимфа тугунларнинг сил билан зарарланиши аниқланилади.

Лимфа безлари катталашган беморларни текширишда лимфа безларга пункция қилиниб, ажралмани цитологик ва микробиолоигик, полимераз занжир реакцияси (ПЗР) текширувлар самарадорлиги қониқарли бўлиши мумкин. Лекин беморлар орасида лимфа безларни операция усулида олдирманглар, касаллик авжига чиқиб кетади деган асоссиз тушунчалар бор. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳар бир катталашган лимфа тугунлар касаллигини аниқ ташҳис қилиш учун, асосан гистологик текширув муҳим, бунда лимфа тугунни тўлиқ олиш ва текшириш лозим, бундан беморларга ҳеч қандай зиён етмайди, балки касаллик барвақт аниқланилиб, даво самараси яхши бўлиши кузатилади.

Лимфа тугунлар силининг дифференциал ташҳиси қай тартибда амалга оширилади?

Лимфа тугунлар силининг дифференциал диагностикаси бир нечта лимфа безларнинг катталашуви билан кечадиган касалликлар орқали олиб борилади.

Булардан лимфа безларнинг носпецифик яллиғланиши, болаларда ҳар турдаги (В-Т ҳужайрали Ходжикин, неХоджикин) лимфомалар, лимфагрануломатоз (ЛГМ) ҳамда ОИТ синдромларида ҳам лимфа безларнинг ҳар хил даражадаги катталашуви кузатилади. Шуни эсда тутиш лозимки, лимфа безлари катталашган ҳар бир бемор фтизиатр кўригидан кейин, комплекс текширувлар асосида текширилиб, сил касаллигини аниқлаш учун гистологик текширувдан ўтиши лозим.

Лимфа тугунлари сили қандай даволанади?

Сил касаллигини даволаш комплекс турда бўлиб, силга қарши дорилар тартибли, давомий тарзда олиб борилиши лозим. Касалликни аниқланиш вақти қанча барвақт бўлса, терапевтик давонинг самараси яхши бўлиб, катталашган лимфа безлар сўрилиб кетиши мумкин. Шуни эсда тутиш муҳимки ҳеч вақт битта ёки иккита дори билан давони бошламаслик лозим, бундай ҳолатларда микробнинг сил дориларига турғунлиги ривожланиб, касалликни даволаш муддати чўзилиши билан бир қаторда, унинг асоратлари ривожланишига омил бўлади. Касаллик кечикиб асоратланган даврларда аниқланган бўлса, албатта жарроҳлик муолажалари қўлланилади. Бунда зарарланган лимфа тугунлар олиб ташланиб, консерватив даво давом эттирилади.