Халқ билан яқиндан мулоқот

Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Хоразм вилоятидан сайланган депутатлар ва сенаторлар Қўшқўпир туманида бўлиб, фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Очиқ ва самимий мулоқот чоғида тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш ҳамда саноат, қурилиш ва бошқа шу каби соҳалардаги масалалар диққат марказида бўлди. Бу қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиши, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиши ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишида муҳим аҳамиятга эга.

— Тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини, хонадонларда бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжларини ўрганмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Клара Жумамуротова. – Мулоқотларда кўтарилган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ҳолати, тиббий хизмат сифати, умумтаълим мактабларида ўқитиш жараёни ҳамда мактабгача таълим муассасаларини иш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли билан ташкил этилган мулоқот жараёнида жойларда мавжуд муаммолар ечимига эътибор қаратиш билан биргаликда қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

“Ўзбекёп”, “Ғозовот”, “Ших”, “Оқдарбанд”, “Ўртаёп”, “Хосиён”, “Хадра”, “Шихмашхад” каби қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган мулоқотдан аҳоли мамнун.

“Хадра” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлган мулоқотларнинг бирида хонадонлардаги мавжуд маиший-ижтимоий муаммолар ўрганиб чиқилди. Унда хонадон эгаси Юсупова Шоҳсанамнинг 1-гуруҳ ногирони эканлиги, боқувчиси йўқлиги сабабли мазкур фуқарога туман пенчия жамғармаси томонидан қаровчи ажратилиб, моддий ёрдам учун ҳомий ҳам белгиланди. Шунингдек, “Кенагас” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Юсупова Шоҳида вақтинча ишсизх эканлиги ва тикувчилик билан шуғулланиши инобатга олиниб, иш билан таъминланиши келишиб олинди.

– Депутатларнинг уйимизга келиб, ҳаёт тарзимиз билан танишиши бизни беҳад қувонтирди, – дейди Хосиён қишлоғида яшовчи Каримова Шарифа. – Айни кунда чорва кредити олиб уйимизда товуқ боқишни режалаштирганмиз. Бугун тадбиркорлик билан шуғулланамана деган ҳар  бир фуқарога давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилмоқда. Бундан биз жуда хурсандмиз.

Сенатор ва депутатлар халқ билан мулоқот чоғида қишлоқ жойларида жамоат транспорти фаолиятини ҳам ўргандилар. Айни кунда мазкур туманда ахолига транспорт хизмати кўрсатиш учун 5 та юридик субъект фаолият кўрсатмоқда, уларнинг балансида 15 та автобус мавжуд бўлиб, улар 15 та йўналишда хизмат кўрсатади. Лекин туманнинг Хадра, Ўзбекёп, Хосиён маҳалларида  автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Мазкур ҳудудда яшовчи аҳолининг мурожаатлари асосида, ушбу ҳудудларда автобус қатновини йўлга қўйиш келишиб олинди.

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари Хоразм вилоятида ҳам қизғин давом этмоқда.

Дилрабо Курязова,

ФЖШМҚМИ Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси