Очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида тўлиқ, холис ва сифатли кўриб чиқилишини таъминламоқда.

Шу йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Хоразм вилояти “Халқ қабулхонаси”га  8778 нафар фуқаро мурожаат қилган. Ушбу мурожаатларнинг 3706 таси ёзма,  4597 таси оғзаки мурожаатдир. Уларнинг кўпчилиги уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси, алиментни ундириш, кредит олиш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги каби масалаларни ташкил этади.

Айни кунда Хоразм вилояти “Халқ қабулхонаси”да қабулхона ходимларининг қабулидан ташқари вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг қабул қилиш куни ташкил этилиб, уларнинг аниқ вақти аҳолига етказилиб, ана шу асосда ишлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасида Хоразм вилоят ҳокими П.Бобожоновнинг фуқароларнинг навбатдаги қабули ташкил этилди. Мазкур қабулда вилоятдаги бошқармалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Қабул давомида 30 нафарга нафарга яқин фуқаро ўз муаммо ва таклифлари билан мурожаат этди.

– Ўзим яшаб келаётган туманда ёқилғи қуйиш шаҳобчаси қуришни режалаштирганман, – дейди Гурлан тумани Олға қишлоғида яшовчи Ойбек Қўчқоров. Бугунги вилоят ҳокимининг қабулида ёқилғи қуйиш шаҳобчаси учун ерни дислокацияга киритиб, ажратишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотларнинг раҳбарларига зарур топшириқлар берилди. Келажакда тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятимни янада кенгайтириб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш энг асосий мақсадимдир.

Урганч туманидаги Наврўз кўчасида яшовчи Ойгул опа Яқубова банкдан кредит олишда гаров маблағи етмаётганлиги сабабли мазкур қабулда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. О.Яқубованинг мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Хоразм вилоят бош бошқармаси бошлиғи У.Жуманиёзовга ушбу масалани ечимини топиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида фуқаролардан О.Отажонова, Х.Қутумова, З.Отажонова, А.Ибрагимов, М.Ботировлар муаммолари тез ва ўз вақтида ечим топаётганилигидан мамнунлигини қайд этдилар.

Юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асосида ташкил этилган вилоят ҳокими қабулида мурожаат қилувчи ҳар бир фуқаронинг арзи, фикри тингланиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида зарур чоралар кўрилди. Аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, мурожаат қилувчи фуқаронинг талаби қондирилди. Маълум вақт, атрофлича ўрганишни тақозо этадиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар, мурожаат қилувчига зарур тушунча ва тавсиялар берилди.