Халқ қабулхонаси — эзгу мақсадлар рўёби

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” дея таъкидланган. Зеро, озод элу халққина мустақил давлат ташкил қилади ҳамда орзу-умидларини шу давлат орқали амалга оширишга интилади. Халқ ва давлат манфаатлари муштарак, орзу-интилишлари ҳамоҳанг бўлган тақдирдагина буюк ишлар рўёбга чиқади. Шунга мувофиқ халқнинг фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда дарду ташвишини енгиллаштириш давлат хизматчиларининг бурчидир.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият юритмоқда. Халқ қабулхоналарининг асосий вазифаси халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга доир қонуний ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши, мурожаатларнинг ўз вақтида тўлиқ, холис ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш, аҳолининг давлат органларига мурожаат этишдаги ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборатдир.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Халқ қабулхонаси”га 8778 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, бу мурожаатларнинг 3706 таси ёзма,  4597 таси оғзаки мурожаатдир. Уларнинг кўпчилиги уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси, алиментни ундириш, кредит олиш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги каби масалаларни ташкил этади.

Айни кунда Хоразм вилояти “Халқ қабулхонаси”да қабулхона ходимларининг беш кунлик қабулидан ташқари вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг қабул қилиш куни ташкил этилиб, уларнинг аниқ вақти аҳолига етказилмоқда.

Куни кеча вилоят “Халқ қабулхонаси”да Хоразм вилоят ҳокими П.Бобожоновнинг навбатдаги қабули ташкил этилди. Мазкур қабулда вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқармалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Қабул давомида 30 нафарга нафарга яқин фуқаролар ўз муаммо ва таклифлари билан мурожаат этиш имкониятига эга бўлдилар.

– Ўзим яшаб келаётган туманда ёқилғи қуйиш шаҳобчаси қуришни режалаштирганман, – дейди Гурлан тумани, Олға қишлоғида яшовчи Ойбек Қўчқоров. Бугунги ҳоким қабулида ёқилғи қуйиш шаҳобчаси учун ерни дислокацияга киритиб, ажратишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мазкур масала юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарлари керакли топшириқлар берилди. Келажакда тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятимни янада кенгайтирган ҳолда, аҳоли сифатли хизмат кўрсатиш энг асосий мақсадимдир.

Урганч тумани, Наврўз кўчасида яшовчи Айгул опа Яқубова банкдан кредит олишда гаров маблағи етмаётганлиги сабабли мазкур қабулда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. А.Яқубованинг мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Хоразм вилоят бош бошқармаси бошлиғи У.Жуманиёзовга мзкур масала қайта кўриб чиқилиб, қонун доирасида ўз ечимини топиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

— Вилоят ҳокимининг амалий ёрдами билан ўғлим Исмоилов Зафарбек Урганч шаҳридаги 5-сонли мактабнинг 1-синфига қабул қилинди. Келажакда фарзандим мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган инсон бўлиб камол топишига ишонаман. Шу ўринда аҳолининг муаммо ва камчиликларига ўз вақтида эътибор қаратиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдамини аямаётган Юртбошимизга, вилоят ҳокимига ҳамда давлат ташкилотлари раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асосида ташкил этилган ҳоким қабулида мурожаат қилувчи ҳар бир фуқаронинг арзи, фикри тингланиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида зарур чоралар кўрилди. Аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, мурожаат қилувчи фуқаронинг талаби қондирилди. Маълум вақт, атрофлича ўрганишни тақозо этадиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар, мурожаат қилувчига зарур тушунча ва тавсиялар берилди.