ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН ОНЛАЙН КАСБ ЭТИКАСИ ЗАРУР

Жорий йилнинг 25—27 сентябрь кунлари “Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида босма ва интернет ОАВ вакиллари, блогерлар учун тренинг ўтказилмоқда. Унда республикани барча ҳудудларида фаолият юритувчи 40 нафар журналистлар иштирок этмоқда.

-Лойиҳанинг мақсади юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг объектив ёритилишини таъминлаш мақсадида ҳудудлардаги маҳаллий ОАВ вакилларининг профессионал этика ва таҳлилий журналистика бўйича салоҳиятларини янада ошириш ҳисобланади, -дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот котиби Акбар Эргашев.

Ташкил этилган тадбир давомида бугунги кунда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишда таҳлилий журналистиканинг ўрни, сифатли таҳлилий мақолалар ёзиш, хусусан фактлар билан ишлаш, таҳлилий материаллар тайёрлашда журналистнинг шахсий, рақамли хавфсизлиги ва маълумот манбаларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ўринли фойдаланиш каби мавзулар бўйича кўникмалар берилади.

Маълумот учун: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг июль — август ойлари давомида республиканинг қатор вилоятларида ҳудудий тренинглар ташкил этди. Унда, шунингдек ижтимоий-иқтисодий мавзуларни фаол ёритувчи блогерлар ҳам иштирок этишди.

Бугунги кунга қадар тренинглар Самарқанд вилояти (Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари иштирокчилари учун), Қашқадарё вилояти (Қашқадарё, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари иштирокчилари учун), Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари иштирокчилари учун), Хоразм вилоятида (Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси иштирокчилари учун) ва Тошкент шаҳрида (Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилояти иштирокчилари учун) ўтказилди.

Натижада ҳудудларда фаолият юритаётган 120 дан зиёд босма ва интернет ОАВ вакиллари қамраб олиниб, улар иштирокида муҳокамалар ташкил этилди. Жумладан, иштирокчилар томонидан журналистларнинг касб этикаси, юртимизда бугунги кунда журналист ва блогерларнинг фаолияти юзасидан фикрлари умумлаштирилди.